Диний савол-жавоблар

21.10.2020

ПОЕЗД, КЕМА ВА САМОЛЁТДА НАМОЗ ЎҚИШ  
#намоз

❓515-CАВОЛ: Узоқ сафарларга чиққанда самолёт ёки поездларда намоз вақтлари  тўғри келади. Шунда қандай йўл тутиш керак?   

💬 ЖАВОБ: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳим. Агар мусофир киши поезд, кема ва самолётда кетаётган бўлса-ю унда қиблага юзланиб, тик туриб ва руку, сажда қилиб намоз ўқишга имкон ва шароит бўлса, албатта намозни барча қонун-қоидаларига амал қилиб, мукаммал ҳолда адо қилади. Агар имкон ва шароит бўлмаса, мусофир киши намозни қазо қилмасдан, ўтириб, имо-ишора қилиб, улов кетаётган тарафга қараб  адо қилади. Бунга уламоларимиз  қуйидаги ояти каримани далил қиладилар:
لَا يُكَلِّفُ اللَّهُ نَفْسًا إِلَّا وُسْعَهَا
яъни: “Аллоҳ ҳеч бир жонга тоқатидан ташқари нарсани таклиф этмайди” (Бақара сураси, 286-оят).
    Агар улов автобус бўлиб, намоз вақтида тўхтамайдиган бўлса ва тўхтатишни ҳам иложи бўлмаса, мусофир киши намозни қазо қилмасдан ўтирган жойида имо-ишора билан улов кетаётган тарафга қараб намозини ўқийди. Баъзи уламолар: мана шундай автобусда ўқилган намозни киши манзилига етганидан кейин эҳтиёт нуқтаи-назаридан қайта ўқиб олиши мақсадга мувофиқ бўлади деганлар.
Ҳайдовчи уловини ҳайдаш пайтида ҳеч бир намозни ўқиши дуруст эмас, чунки уни қўл ва оёғи ҳаракатланиб туради ва бундай ҳолатда намоз бузилиб қолади. Бу ҳақда Хулосатул фатово китобида шундай дейилган:
أمَّا إذا سيَّرها صاحبها فلا يجوزُ التطوُّع ولا الفرض
яъни: “Ҳайдовчи уловни ҳайдаш жараёнида нафл ёки фарз намозларни ўқиши жоиз эмас”. Валлоҳу аълам.