Post image

Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуди.

14.02.2021

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Алҳамдулиллаҳ, Тангримга беҳисоб ҳамду-санолар бўлсинким, яна бир муборак тонгни қарши олдик. Бу кунда гўзал истеъдод соҳиби, шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд топганлар. Бобокалонимиз, 1483-йилнинг 14- февралида Андижонда туғилган бўлиб, бу йил у кишининг таваллудларига 537 йил  тўлди.
Заҳириддин Муҳаммад Бобур Ўрта аср Шарқ маданияти, адабиёти ва шеъриятида ўзига хос ўрин эгаллаган адиб, шоир, олим бўлишлари  билан бирга йирик давлат арбоби ва саркарда.
Бобур кенг дунёқарашлари ва мукаммал ақл-заковатлари билан Ҳиндистонда Бобурийлар сулоласига асос солиб, бу мамлакат тарихида давлат арбоби сифатида номи қолдирганлар,бундан ташқари, сержило ўзбек тилида ёзилган «Бобурнома» асари билан жаҳоннинг машҳур тарихнавис олимлари қаторидан ҳам жой олганлар.Нафис ғазал ва рубоийлари туркий шеъриятининг энг нодир дурдоналари бўлиб, «Мубаййин» («Баён этилган»), «Хатти Бобурий», «Ҳарб иши», Аруз ҳақидаги рисолалари эса ислом қонуншунослиги, шеърият ва тил назарияси соҳаларига муносиб ҳисса бўлиб қўшилди.
Шоир ижодига назар солинг;
Сенга ҳолимни ёздим, сажда қилдим,
Айтқилким, не ёздим, не ёнгилдим?
Отин оғзимға олдим эрса, тортар тиғи кин ул маҳ,
Мени агар ўлтурур бўлса бу ёзуқ бирла, бисмиллаҳ...
Бобур фиқҳ илми борасида кенг маълумотга эга бўлиб қолмасдан, балки, чуқур тасниф этишга қодир салоҳиятга эга эди.
Бироқ  Бобур мутасаввиф  бўлмаган. У Аллоҳнинг бир суюкли бандаси сифатида Қуръони Карим измига амал қилган. Ўзининг ҳар қадамида буюк мураббий Расулуллоҳ(с.а.в)нинг йўл ва тамойилларини ўзига дастурул-амал билган.  Фалсафий-тасаввуфий соҳадаги эгаллаган юксак  илми унга  «Мубаййин»дек асарни яратишга ундаган.. Бобур шундай қилиб барча туркий халқларнинг зиммасида турган беш аркони мубини ислом учун абадий манба қилиб яратди.
Ҳаётга қайноқ меҳр акс этган жўшқин шеърлар билан бирга афсус – надомат балқиб турган ғазал ва рубоийлар ҳам бор. Лекин ғам-алам ҳам кўпроқ. Сабаби, буюк бобомизнинг ўз ватанидан айро тушганидир;-Менинг кўнглим, гул ғунчасидек таҳ-батан қондур,
Ага юз минг баҳор ўлса, очилмоғи
на имкондур,-деб бошланади, ғазалларидан бири.
Ўз замонининг йирик давлатларидан бирини подшоси бўлиб турса ҳам ўз Ватани Андижоннинг соғинчи умрининг охирига қадар қалбини тирнаб келди. Тақдир уни ўз Ватанига келишига тўсқинлик қилган, унинг қисматига ўзга юртда шоҳ бўлишлик битилган эди. Буни  бобомиз ўз асарларида шундай баён этади:
Толе йўқки жонимға балолиғ бўлди,
Не ишки айладим, хатолиғ бўлди.
Ўз ерни қўйиб, Ҳинд сори юзландим,
Ёраб, нетайин, не юз қаролиғ бўлди.
Бобомиз Бобурнинг асарларида Аллоҳга муҳаббат, Ватан ва халққа муҳаббатни акс эттирувчи дидактик (панд-насиҳат) байтлари ҳам кўпдир. Энг аввало мўминликнинг белгиларидан бири одамларга, халққа яхшилик қилмоқдир.

Қизилтепа тумани бош имом хатиби  З.Орипов