Post image

Биз бузғунчи ғояларга қаршимиз

20.02.2021

Биз – бузғунчи иллатларга қаршимиз !

Ер юзида бузғунчилик қилиб юриш, кишилар ўртасида фитна-фасод уруғларини сочиш, дин ниқоби остида бегуноҳ одамларга зулм қилиш, улар жони ва молига тажовуз этиш инсониятга қарши қаратилган энг мудҳиш жиноятлардир.  Фитнанинг ўзи нима экани ҳақида маълумот бериб ўтайлик. Арабча “фитна” сўзи луғатда «синов, имтиҳон» маъносида келади. Арабларда маъданни ўтга солиб синаб кўриш «фитна» дейилади. Истилоҳда кишиларни диндан қайтариш, динга қарши ҳаракатга чорлаш фитна саналади. Фитна қотилликдан ҳам оғир гуноҳдир. Маънавий соҳада инсоннинг имон-эътиқоди, шариатга амал қилиши, унинг инсоний фазилатлари рўёбга чиқишига тўғаноқ ёки синов бўладиган барча нарсалар ҳам фитна ҳисобланади.
Исломнинг илк даврларидаёқ Аллоҳ таоло Ўз Пайғамбари Муҳаммад алайҳиссаломни динда бўладиган турли фитналардан огоҳлантирган эди. Биргина Бақара сурасининг тўртта оятида мусулмонларни мушриклар ва мунофиқларнинг фитналаридан огоҳлантириш ҳақида сўз боради: яъни: “Огоҳ бўлингки, айнан уларнинг ўзлари бузғунчилардир, лекин (буни ўзлари) сезмайдилар”.(12- оят Бақара  сураси)
 Аллоҳ таоло мўминларни огоҳлантиряптики, айнан мунофиқлар бузғунчи ва фитначи эканини яхши билиб олинглар, лекин улар ўзларининг бузғунчиликларини сезишмайди.
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаёт вақтларида асло вужудга келмаган, аммо келажакда пайдо бўлиши мумкин бўлган, халқлар ва миллатлар бирлиги ҳамда осойишталигига таҳдид солувчи фитна-фасод, бузғунчиликлар ҳақида хабар бериб, огоҳлантирган эдилар: “Умматимдан қайси бири умматимга қарши чиқса, унинг яхши ва ёмонини фарқига бормаса, мўминга зиён тегишидан ўзини тиймаса, берган ваъдасига вафо қилмаса, у менинг умматим эмас!”. (Муслим ва бошқалар).
     Бугунги кунга келиб бутун дунёда фитналар кўпайди, уларнинг моҳияти ўзгарди, қиёфаси бошқача тус олди. Жаҳондаги ёвуз кучлар мусулмонлар бирлигига путур етказиш, парокандалик келтириб чиқариш мақсадида мусулмонлар ўртасида фисқ-фасод, фитна ва бузуқ эътиқодларни ёйишга уринмоқда. Мамлакатимиз мусулмонлари ҳам бу хатарли фитналар таҳликасидан омонда қолишаётгани йўқ. Мустақилликдан сўнг турли бузғунчи фирқа ва оқимларнинг мусулмонларимиз бирлиги ва эътиқоди мусаффолигига қарши қаратилган хуружи бўлди, турли террорчилик ва бузғунчилик ҳаракатлари ҳам содир этилди.
Ҳозирги пайтда о    та – оналар ва ёшларга яна бир фитна ҳақида гапирмаслик ҳам дин ва миллатга хиёнат саналади ва огоҳлантиришга тўғри келади.Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Ҳазрати Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Охир замонда дажжоллар, (фирибгарлар) ёлғончилар (жамоаси) бўлади. Улар сизлар ҳам ота-боболарингиз ҳам эшитмаган гапларни гапирадилар. Бас, сизлар улардан ўзларингизни узоқ қилинглар ва ўзларингиздан ҳам уларни узоқ қилинглар. Сизларни адаштириб ва алдаб фитнага (ширкка) солиб қўймасин», дедилар (Имом Муслим ривояти).
Дунёдаги мустамлакачи кучларнинг маънавий бўшлиқдан фойдаланиб юртимиз ёшлари онгига маънавиятимиз ва ахлоқимизга бутунлай ёт бўлган ва энг хатарли иллатларни ўз ичига олган “оммавий маданият”ни сингдиришга катта фитналарга сабаб бўлмоқда. Ёшларни худбин ва лоқайд кимсаларга айлантириш, ахлоқий бузуқлик ва зўравонликни тарғиб қилиш, бир жинслар никоҳи, зино, гиёҳвандлик, бузуқлик, нима қилиб бўлса ҳам, қандай йўл билан бўлса ҳам фақат бойлик орттиришга интилиш, оилани тан олмаслик, кўнгил истаган ишларни қилиш орқали “эркин бўлиш” каби зарарли иллатларни ёйишни асосий мақсад қилиб олган бу “маданият” жамиятдаги маънавий ҳаётни издан чиқаради, ёшлар ахлоқига жиддий салбий таъсир кўрсатади.
Бундан бир аср муқаддам атоқли ўзбек маърифатпарвари Абдурауф Фитрат: “Кимки бадахлоқ болаларни тарбия этса, инсониятга катта душманлик қилган бўлади”, деган эди. Бундай фитналардан барчамиз ниҳоятда огоҳ бўлишимиз  лозим.  
Энг аввало юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва хотиржамликни қадрига етиб унинг шукронасини қилиб, тинчлик ўз-ўзида осонликча бўлмаслигини унитмаслигимиз ва буни авлодларимизга етказишимиз даркор.
Зеро,  муҳтарам Президентимиз  ўз сўзларида уч муҳим жиҳатни алоҳида таъкидладилар:
1. Хотира - тарихига назар. Ўтган аждодларнинг яхши ибратли ҳаёти, эзгу амалларини ёд этиш, қадрига етиш, аждодларга муносиб ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш жуда муҳимдир.
2. Инсон омилини эъзозлаш. Фаровонликка интилишдан, ҳуқуқий-демократик жамият қуриш йўлидаги ислоҳатлардан кўзланган  асосий мақсад инсон манфаатларини юксак даражада таъминлашдир.
3. Келажакка интилиш самарали бўлиши тараққиёт йўлидан олға силжиш учун энг аввало нима керак? Жамиятда тинчлик-хотиржамлик бўлиши зарур. Шу маънода ҳам ҳозирги нурли кунларга эришувимиз учун курашган, фидокорона меҳнат қилган ота-боболаримизнинг қадри, ҳурматини жойига қўйишимиз муҳим тарбиявий аҳамиятга эгадир.
Барчаларимиз ушбу ҳикматона, пур мазмунли фикрлардан ибрат олиб ва уларни ҳаётимизга татбиқ этсак, иншаоллоҳ буюк ватанимиз бунданда обод ва ҳалқимиз янада фаровон ҳаёт кечиради.
Аллоҳ таоло барчаларимизни охирзамон фитналаридан ва ҳар хил бузғунчи иллатлардан  паноҳида асрасин, юртимизни тинч, осмонимизни мусаффо айласин,  имон ва ихлос  биродарлиги барчаларимизга доимий неъмат бўлишини насиб этсин!

Қизилтепа туман ҳамда “Боязид Бастомий”                                                        жоме масжид имом хатиби:  Завқиддин Орипов