Post image

Ватан ҳақида

24.02.2021

Ватанни   севмоқ  имондандир!

Бисмиллаҳир роҳмонир роҳим.

         Ҳаммамиз учун табаррук бўлган уч сўз бор: Имон, Ватан ва Истиқлол.  
     Бу сўзларнинг мазмун- моҳиятини бугун ҳар биримиз юракдан ҳис этиб турибмиз.
Имон- Буюк Аллоҳ ва Расулига ишониш, Унинг раҳмат ва мағфиратидан умидвор бўлиш ва Унинг фармонларга итоатда бўлиш демакдир.
Ватан- бу муқаддас замин, буюк аждодларимиз юрти ва келажак авлодларимизифтихоридир. Уни авайлаб - асраш,  унинг бағрида эртанги кунга умид билан яшаш, имон ва муҳаббат таянчидир.
Истиқлол- Аллоҳнинг улуғ неъматларидан бўлиб, у ҳаётимиз мазмуни, ғурур ифтихоримиз тимсоли ва ифодасига айланган.
Аллоҳ таолога бўлган иймонимиз ва ихлосимиз Истиқлол шарофати билан янада мустаҳкамланиб, зиёда бўлиб бормоқда.
Бир донишманд айтган экан:
«Ватан   бир   боғдир,   Ватаннинг содиқ фарзандлари бу боғни ўз юрак қонлари ила суғормоқлари даркордир...»
Ўзини Ватан фарзанди деб ҳисобловчи одам бутун тану жони билан бу боғни яшнатиш учун хизмат қилиши керак. Табиат баҳорининг қонунияти барча жойда бир бўлгани каби, Ватан боғини эҳтиётлаш, яшнатиш мажбурияти ҳам барча мамлакатларга хосдир.
«Ватан» атамасига улуғлар, донолар турли сифатлар беришган. Ватан — биз нафас олаётган ҳаводир. Ватаннинг бир зарраси эканини англамоқ киши учун ифтихор ва шарафдир. Ватанга муҳаббатни жамлай олган юрак фақат Одам боласига хосдир. Шундай экан, Ватан қадрига етмасликни Аллоҳ неъматларига ношукурлик, беписандлик, деб баҳолаш ҳам мумкин.
 «Йилларнинг йиғиндиси умр саналмас, Ватанга наф теккан кунинг умрдир», деган пурҳикмат сўз бекорга айтилмаган. Донолар Ватан юксалиши йўлидаги хизмати билан шуҳрат топишини «иккинчи умр», деганлар. Киши ўзини Ватанга қанчалар яқин ҳис этса, уни шу қадар жонли вужуд каби аниқроқ ва севиброқ тасаввур қилади.
Ватан тараққиёти ҳавойи тушунча эмас, балки аниқ бир ҳақиқатдир, бу ҳақиқатнинг асоси ҳар бир одамнинг ташаббусидан бошланади. Фарзандларимизнинг мактабда битта ҳарф ўрганишлари ҳам, янги иморатга қўйилган битта ғишт ҳам, илмдаги оламшумул кашфиёт ҳам ана шу ташаббуснинг меваларидир. Эрталаб Ватандан бир нима олиб, шомда ўша битта миқдорда қайтарсак — ютқизамиз, бунда тараққиёт бўлмайди, аксинча, тушкунликка юз тутилади. Демак, олган нарсамизни бир-икки эмас, ўн балки унданда кўп ҳисса қилиб қайтаришга интилмоғимиз шарт экан. Ватандан олганимиз – қарздир, қарзни эса қайтармоқлик фарздир.
Муҳаммад Ғаззолий айтадилар: “Инсон ўз ерига, гарчи у  зиё ўсмас саҳро бўлса ҳам қаттиқ боғланади. Ватанни севиш инсон руҳиятидаги асл табиатдир. Ушбу табиат ватанда яшашда ҳузур-ҳаловат, ундан узоқ бўлинганда соғинч, ҳужум қилинганда мудофаа ва камситилганда ғазаб ҳисларини пайдо қилади”.
Ғарб файласуфларидан бири Гегель айтганидай “Маърифатли халқларнинг ҳақиқий жасорати Ватан йўлида қурбон бўлишга тайёр эканликларида акс этади”.  
Зотан,  ҳадиси шарифда : яъни: “Ҳар бирингиз тарбиячисиз ва ҳар бир тарбиячи қўл остидагиларга жавобгардир”- дейилган.
 Ватан салоҳиятини ошириш ва унинг муҳофазаси учун жонкуярликбўлайлик. Булар эса қуйидагилар билан амалга ошади:
•   Ватан мол-мулки, муассасалари ва иншоотларини асраб-авайлаш.
•   Ватан юксалиши ва тараққиёти йўлида тер тўкиш.
•   Ватан хизматида жонни фидо қилиш.
•   Ватан учун ўзни бағишлаш. Бу йўлда раҳмат, мақтов ва эътибор кутмаслик.
Зикр қилганларимиздан кўриниб турибдики, ватанни севиш ибодат даражасига кўтарилган соф ва асл исломий қадриятдир. Бундай сифатга эга бўлиш мўминнинг асосий хусусиятларидан биридир.
 
 
Қизилтепа туман “Боязид Бастомий”
 ҳамда туман бош имом хатиби   Завқиддин Орипов