Post image

Аёл муқаддас!

07.03.2021

Аёл мадҳи!
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.

Бир аёлки - уйғониб сахар,
Рўзғорини ўйлаб ҳар махал,
Тин олишни билмай бир сафар,
Ёнган ўша - ўзбек аёли!
Аёл бу-она!
Аёл бу сингил!
Аёл бу-опа!
Аёл бу жуфти ҳалол!
Аёл киши аввало Она сифатида қадрланади. Қуръони каримнинг бир нечта оятларида онани эъзозлашга, унинг ҳаққини адо этишга буюрилган.
Ислом таълимотида оилали аёлнинг зиммасига қатор вазифалар юклатилиши билан баробар, оилада унинг ўз ҳақ-ҳуқуқлари ҳам борлиги айтилган бўлиб, бу ҳақда Қуръони каримда:
“…Аёллар учун (белгиланган ҳуқуқлар) ўз меъёрида эркаклар (ҳуқуқи) билан тенгдир…” (Бақара сураси, 228-оят), деб баён қилинган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида:
«Мўминларнинг энг иймони мукаммали – гўзал хулқлисидир. Сизларнинг энг яхшингиз – аҳли аёлига яхши муносабатда бўладиганингиздир», деганлар.
Аллоҳ таолонинг ота-онага берган энг улуғ неъмати фарзанд  экан, хусусан, қиз фарзандни гўзал ахлоқ-одобли қилиб вояга етказиш ота-онанинг жаннатий бўлишига сабаб бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар:
 «Кимнинг бир қизи бўлиб, унга чиройли одоб берса, Аллоҳ берган неъматларидан уни ҳам баҳраманд қилса, номаи аъмоли ўнг тарафдан берилишига ва дўзахдан осонгина қутулиб, жаннатга дохил бўлишига сабаб бўлади».
Суннати набавийяда ҳам оналарга яхшилик қилишга доир кўплаб буйруқлар келган бўлиб, баъзиларини эътиборингизга ҳавола этамиз.
“Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига келиб: “Ё Расулуллоҳ, энг чиройли муомаламга ким ҳақли?” –  деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Онанг”, – дедилар. У киши: “Сўнг ким?” – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Онанг”, – дедилар. У киши яна: “Сўнг ким?” – деди. Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Онанг”, – дедилар. У киши: “Сўнг ким?” – деди.  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сўнг отанг”, – дедилар” (Имом Бухорий ривояти).
Аёл, Она муқаддасдир. Ҳарна бўлса-да, Аёлга,Онага эҳтиром хонадонларимиз, оилаларимизнинг авлоддан-авлодга ўтиб келаётган энг бебаҳо қадриятларидан биридир.Шундай экан оналаримизнинг борларини авайлаб, ўтганлари ҳақида доим дуода бўлайлик азизлар !
Қизилтепа тумани бош имом хатиби:           З. Орипов