Post image

Таҳорат ҳақида...

17.03.2021

Аёлларга_оид_фиқҳий_масалалар

      ТАҲОРАТ ВА ҒУСЛ

 

Аёллар қайерда таҳорат қиладилар?

Эркаклар ҳар тоза жойда таҳорат олаверадилар. Аммо аёллар номаҳрам кўзи тушмайдиган жойда таҳорат оладилар ва бу ишлари билан Исломнинг тўсилиш ҳақидаги амрини бажарган бўладилар.

 

Аёл мисвок тутадими?

Мисвок қўллаш муаккада (таъкидланган) суннатдир. Агар мисвок тутишнинг иложи бўлмаса, тиш чўткаси ёки шаҳодат бармоғи билан тишлар тозаланади. Аллоҳ Расули (соллаллоҳу алайҳи васаллам) марҳамат қиладилар: «Агар умматимга қийин бўлмасайди, уларга ҳар намоздан аввал мисвок ишлатишни амр этардим» (Ebu Davud: 1/12); «Мисвок ўлимдан бошқа ҳар дардга шифодир» («Kashful Hafa": 1/457).

Баъзи фиқҳ китобларида «Аёллар мисвокни доимий ишлатса, тишлари заиф бўлишидан уларга мисвок ишлатиш мустаҳаб бўлади. Сақич унинг ўрнига ўтади» деган сўзлар учрайди («Merakil Felah»: 20). Аммо ҳадиси шарифларда мисвок фақат эркак учун суннатдир деган ифода йўқ. Аксинча, Ҳазрати Ойиша онамиз (р.а.) шундай дейдилар: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) мисвок тутардилар, сўнг уни ювиш учун менга берардилар. Мен аввал у мисвокни тутиб (яъни, ишлатиб), кейин ювардим ва ўзларига қайтарардим» (Ebu Davud: 1/13).

Имом Таҳтавий эса аёлларнинг сақич чайнашга амр этилмаганини, бунда ҳеч қандай савоб йўқлигини қайд қилган (Tahtavi: 38). Ҳолбуки, мисвок учун амр бор. Савоби ва кўп томонлама фойдаси борлигини Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) билдирганлар. Дўхтирлар тиш емирилишининг, устида сариқ қатлам пайдо бўлишининг, милк ва оғизда яралар ва яллиғланиш вужудга келишининг олдини олиш, асаблар, кўзлар, нафас олиш ва ҳазм қилиш йўлларидаги турли ҳузурсизликларни ўнглаш учун мисвок қўллашни тавсия этишади. Ҳатто хотира заифлиги, зеҳн ўтмаслиги каби нуқсонларни ва ёмон ахлоқни тузатишда, ўнглашда ҳам мисвок улуғ тадбирдир. Бунча савобдан, ижтимоий, руҳий ва соғлик фойдаларидан маҳрум қолиш тўғри эмас.

 

Эр-хотин бир-бирини эркалаб суйишса, таҳорат бузиладими?

Либоссиз, яланғоч ҳолда ёки иссиқликни, тан ҳароратини бир-бирига ўтказадиган даражада юпқа, ҳарир либосларда бир-бирини қучса, эр-хотин таҳорати бузилади. Лекин тан ҳароратини тўсадиган қалин либосда бўлсалар ва мазий деган суюқлик келмаса, таҳорат бузилмайди. Агар бу суюқлик, намлик келса, таҳорат бузилади (Tahtavi: 51).

 

Аврат жойларни ушлаш таҳоратни бузадими?

Аёл ёки эркакнинг фақат ўзининг аврат жойини ушлаши таҳоратни бузмайди (Tahtavi: 51). Аммо бунда қўлни ювиш мустаҳаб бўлади.

 

Тирноқ бўялган бўлса, таҳорат дуруст бўладими?

Таҳорат комил бўлиши учун сув таҳоратда ювиладиган аъзоларнинг ҳамма жойига етиши керак. Ювилиши лозим аъзоларда сув етишига тўсиқ бўладиган лаб бўёғи, тирноқ бўёғи, ёғ, сақич каби нарсалар бўлса, таҳорат ҳисоб бўлмайди («Fetava-i Hindiyye»: 1/84; «Nimet-i islam»: 45)