Post image

Қабристон ободлиги ҳақида.

03.04.2021

Муқаддас қадамжолар ободлиги.

 

Бисмиллаҳир роҳманир  роҳийм. 

Тану-жонимизни соғ-омон қилиб  яратган Аллоҳ таолога ҳамду-санолар, Пайғамбаримиз  Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга саловоту- дурудлар бўлсин! 

Биз биламизки, инсон ўз уйига қандай эътибор берса, пок сақласа, атрофга ҳам худди шундай муносабатда бўлиши шарт. Чунки бутун ер юзини Аллоҳ таоло инсонлар учун маскан қилиб бердики, буни «Зориёт» сураси 48-оятида шундай билдириб қўйган: «Ва ерни тўшаб қўйдик. Биз қандоқ ҳам яхши тайёрлагувчидирмиз». Гўдак учун бешик қандай қароргоҳ бўлса, ер ҳам инсон учун шундай қароргоҳдир. Қароргоҳини пок сақлашга ҳаракат қилиш инсонийликнинг юксак чўққисидир.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бас, барчангиз масъулдирсиз ва барчангиз ўз масъулиятингиздан сўралурсиз», дейдилар. Бу қисқа сўзларда олам-олам маъно бор. Масъулиятдан сўраладиган кун келишидан олдин, табиат, атроф-муҳит олдидаги масъулиятимизни тўғри адо этайлик.Ислом дини ҳар нарсадан аввал инсонни руҳий –маънавий ва жисмоний покликка даъват этади. Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Қуръони Каримда пок кишиларни хуш кўришлигини бир неча ўринларда марҳамат қилган. Хусусан, Тавба сураси 108-оятда шундай марҳамат қилади: «Унда покланишни севадиган кишилар бор. Аллоҳ эса покланувчиларни севадир».

 Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларида ҳам катта эътибор берилган. Имом Муслим Абу Молик ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Поклик иймоннинг ярмидир», дейдилар. Мусулмонлар оммаси ичида эса «Поклик иймондандир» деган ҳикмат кенг тарқалган. Бошқа бир ҳадиси шарифда эса: «Поклик кишини иймонга чақиради, иймон эса ўз соҳиби билан жаннатда биргадир» деб марҳамат қилганлар.

Азалдан юртимизда қабристонни қуриб қолган гиёҳлардан тозалаб, ўрнига гул экиш расм бўлган. Бу ҳам марҳумларга бўлган ҳурмат белгисидир. Зеро, Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қабр устидаги гиёҳ қуригунга қадар қабр эгаси ҳақига салавот айтиб туришини баён қилганлар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қабрларни  зиёрат қилинглар, чунки у дунёга берилиб кетишдан сақлайди ва охиратни эслатади”, деганлар  (Ибн Можа ривояти). 

Бошқа ривоятда “қалбларни юмшатади, кўзларни ёшлатади”, дейилган бўлса, яна бир ривоятда “ўлимни эслатади”, дейилган. Яна бошқа бир ривоятда “қабрларни зиёрат қилишда сизлар учун ибрат бордир”, дейилган. 

Қабристон - биздан аввал ўтган зотларнинг хокипойлари ўрин олган мўътабар манзил. Бундай жойларни обод этиб, ўтганларга эҳтиром маъносида асраш боқий қадриятларимиз, қолаверса, динимиз кўрсатмасидир.

Бизнинг туманда ҳам юздан ортиқ қабристонлар бор. Ҳар бир ҳудуд вакиллари маҳалласида яшовчи фаол кишилар билан муборак Рамазон ойи арафасида қабристон ободончилиги ишларини амалга оширяптилар.

Муфти ҳазратларининг Рамазон ойини муносиб кутиб олиш тўғрисидаги буйруқларида ҳам қабрлар ободлиги учун алоҳида эътибор қаратганларини ўқияпмиз:-"Масжидларда хатми Қуръон-таровеҳ намозлари учун қулай шароитларни ҳозирлаш, хусусун, хонақоҳлар ҳовли-жойлар ва теварак-атрофни озода қилиш ташкил этилсин.Шу йилнинг 10-апрель куни республикамиз масжидларида "Озодалик куни" ўтказилсин... " Ҳар бир инсон шундай ободонлаштириш, озодалик ишларига ўз ҳиссаларини қўшса, нур устига аъло нур бўларди.

Қизилтепа тумани бош имом хатиби  З. Орипов.