Post image

Рамазон муборак бўлсин !

15.04.2021

        Рамазон  қутлови

Кечибон кундалик неьматлардан сиз,

Рамазон рўзасин тутибсиз бардам.

Нафсу ҳаволарга барҳам бериб тез,

Фазлу карамларга бўлибсиз ҳамдам.

Рўзадор рўзангиз Ижобат бўлсин,

Рамазон ойингиз муборак бўлсин!

Этиб холис  ният субҳи сахарда,

Покланиб оласиз сокин маҳалда.

Аллоҳ ризқ эшигин очган паллада,

Ибодат этурсиз олий насабда.

Рўзадор рўзангиз Ижобат бўлсин,

Рамазон ойингиз муборак бўлсин!

Рўзадор сўзининг салмоғи улуғ,

Рўза олган инсон юзлари ёруғ.

Адо этар мўмин суннатларини,

Ижобат этгувчи тилакларини.

Рўзадор рўзангиз Ижобат бўлсин,

Рамазон ойингиз муборак бўлсин!

Қадимий "дур" ҳикмат китобларида,

"Дурул мажолис" нинг ҳикоятида.

Рамазон рўзасин савоби бундоқ.

Ажру марҳаматин баёни мундоқ:

Гап кетар рўзанинг савоби учун,

Аллоҳ нидо этар билдирмак учун.

Рўза манда эрур ажри мандадур,

Савоби саноғи сеҳри мандадур.

Нурдин бино этиб фомуш этурман,

Рўза сирларидан боҳуш этурман.

Буюрмиш Аллоҳим, малойикига,

Фаришта, минг кўзли халойиқига. 

Санаб чиққин рўза савобларини,

Билдиргин  рўзанинг  асрорларини.!

Фаришта чоғланар санамоқ учун,

Аллоҳнинг амрин  бажармоқ учун.

Лек ожизлик қилур ҳисоб китоби,

Қийналар фаришта Арш хаттоби.

Сўнгра ожиз бўлиб йиғлаб Худога:

_ " Раҳм этгил,_ деди,_мен мубтало га".

Санаб чиқолмадим рўза савобин,

Ўзинг биладурсан савоб саноғин.

Аллоҳ  нидо этар ул Жаброилга,

Фаришталар шоҳи аҳли Худога

-- Беҳиштдан шароби "Антаҳур" келтир!

Расулим Муҳаммад қўлига тутгил!

Насиб этмиш шароби "Антаҳур" анга,

Қолганин бахш этсин рўзадорига.

Мириқиб ичишсин ул шаробларин.

Қўллагай жаннатим ул жанобларин.

_Яна нидо этар Аллох паноҳим,

Дўзах эшикларин ёп малойким!

Ўттиз кун очилсин беҳишт эшиги,

Бандамнинг бўлсин у мисли бешиги.

Аҳли гўристонга хушҳоллик етсин,

Ахли мўминларнинг азоби тинсин.

Қабрларни нурдин ёруғ этарман,

Рамазон туҳфасин изҳор этарман.

Қиёмат кунида ул бандаларим, 

Шафоат этгайман ҳур бандаларим.

Рамазон ойининг хурмати учун,

Бажо этарман ул тиласа не ун.

Рамазон ойи хўп шодланиб  кулиб,

Миннатдор Аллоҳга боғланиб туриб.

Анча изҳор этар ниятларини,

Умиду илтижо тилакларини...

Ё Роббим яна бир илтимос сенга,

Муҳаммад умматидир биродарларим

Ижозат этсанг гар боҳуш бўлардим,

Аларни бошлабон  Беҳишт кирардим.

Ижозат айлагай Субҳон таоллоҳ,

Умидлар  подшоҳи алҳамдулиллоҳ.

Жаннатига   киришар шодону хуррам,

Насиб этгил Аллоҳ биз банданга ҳам.

Ҳар бир рўзадорнинг ўнг тарафида,

Аллоҳ суйган банда сўл   тарафида 

Етмиш минг фаришта ҳозир турарлар,

Аллоҳнинг розилигин айтиб юрарлар.

Ҳайрон қолар бунга бошқа халойиқ,

Бошқа дин уммати, бошқа алойиқ.

Не боис бунчалар ҳурматли булар?

Не боис шунчалар иззатли булар?

Фаришталар айтур ул бандаларга,

Бошқа пайғамбарлар умматларига

Булар Муҳаммаднинг умматларидир,

Намозу рўзасин тутганларидур.

Кўзу қулоқ ҳамда тиллари билан,

Иймони покиза диллари билан.

Рамазон рўзасин тутгани  булар,

Аллохнинг энг суйган бандаси булар.

Мана, азиз мухлис, қадрдон  дўстим,

Мен сизга   сўзладим рўза баётин,

Ишга солиб барча дилдаги сўзим,

Сўзладим  рўзанинг қисқа  савобин.

Рўзадор номингиз таҳсинга тўлсин,

Рамазон ойингиз муборак бўлсин!

Яна кучга тўлсин билакларингиз,

Янада жўш урсин ниятларингиз.

Айниқса энг  азим хислати шуки,

Раво бўлсин бари тилакларингиз.

Рўзадор рўзангиз Ижобат бўлсин,

Рамазон ойингиз муборак бўлсин!

Оқмачит маҳалла отинойиси Г  Ваҳобова.