Post image

Ота-она ҳақида

18.04.2021

Ота-она олдида фарзанднинг бурчи!

 

Бисмиллаҳир роҳманир  роҳийм.

Ота-онага яхшилик қилиш шу қадар улуғ амал эканки, Аллоҳга ибодат қилишдан кейинги ўринда тураркан. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг қатор оятларида ота-онани ҳурматлашга буюрди. Демакки, ота-она ҳақи Аллоҳнинг ҳақига яқин экан. Аллоҳ таоло Луқмон сураси, 14 ояти каримасида шундай дейди:"Биз инсонга ота-онасини (рози қилишни) буюрдик. Онаси уни заифлик устига заифлик билан (қорнида) кўтариб юрди. Уни (кўкракдан) ажратиш (муддати) икки йилда (битар). (Биз инсонга буюрдикки), “Сен Менга ва ота-онангга шукр қилгин! Қайтишлик Менинг ҳузуримгадир” (Луқмон сураси, 14-оят) Имом Бухорий “Ал-адаб ал-муфрад” китобида Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади: «Қайси бир мусулмон фарзанд савоб умиди билан эрталаб ота-онасини зиёрат қилса, Аллоҳ таоло унга жаннатнинг икки эшигини очади. Агар улардан бирини зиёрат қилса, унга жаннатнинг бир эшигини очади. “Ота-онадан қайси бирини хафа қилгудай бўлса, уни рози қилмагунча Аллоҳ ундан рози бўлмайди”, деди. Шунда бир киши: “Агар ота-оналар болага зулм кўрсатган бўлса-чи?” деб сўради. “Агар улар боласига зулм кўрсатган бўлса ҳам, фарзанд уларни ранжитмаслиги керак”...Ривоят қилишларича, Абдуллоҳ ибн Умар Маккаи мукаррамада онасини елкасида опичлаб, Каъбани тавоф қилдириб юрган бир яманлик кишини кўриб қоладилар. У киши Ибн Умардан: "Энди онамнинг ҳақини адо қи­лолдимми?"деб сўраганида, Ибн Умар: "Йўқ, бу би­лан бир марталик тўлғоқдаги машаққати ҳақини ҳам адо қи­лолмадинг", деб жавоб берганлар.Ота-она вафот этгандан кейин фарзанднинг зиммасида ота-онанинг тўртта хаққи бор.     

1.Ота-онанинг ҳаққига дуо қилмоғи. 

2.Ота-онага истиғфор айтмоғи. 

3.Ота-оналаридан кейин уларнинг ваъдаларини бажармоғи.

4.Ота-оналари томонидан қариндош бўлганларга сийлаи раҳм қилмоғи.Шундай экан вояга етаётган фарзандларимизга ота-онани ҳурмат қилишини ҳар сонияда уқтирайлик!Аллоҳ таолога ҳамду санолар, пайғамбаримиз Муҳаммад мустафога  ҳамда у зотнинг аҳли оилаларию саҳобаи киромларига салавот ва саломлар бўлсин!

Қизилтепа тумани  бош имом хатиби    З. Орипов