Post image

ДУО ҚИЛАЙЛИК!

13.01.2020

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Алҳамдулиллаҳи Роббил аламийн. Вас солату вассаламу ала Росулиҳи Муҳаммад ва ала олиҳи ва асҳабиҳи ажмайин. Аммо баъд. Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ. Азиз ва муҳтарам мухлислар, қадрли ўқувчилар! Хабарингиз бор, бир неча кун олдин сайтимизда “Дуо қилайлик!” номли янги лойиҳани йўлга қўйгандик. Қисқа муддат ичида жуда кўп инсонлардан янги лойиҳа учун ташаккур ҳамда турли мазмундаги дуолар етиб келди ва келишда давом этмоқда. Берган ваъдамизга мувофиқ дуоларингизни умумлаштирган ҳолда қуйида тақдим этамиз. Дуоларни ўқир эканмиз, “Омин” дейишни унутмайлик! Зеро, “Омин” деган кишига бир фаришта “Сенга ҳам шундай бўлсин” дея қайтариб туради. Чунки, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак ҳадиси шарифларидан бирида: “Мусулмон кишининг ўз биродарига қилган ғоибона дуоси мустажоб дуодир. Унинг бош томонида муваккал бир фаришта бўлади, биродарининг ҳаққига ҳар дуо қилганида: “Амин! Ва лака бимисл” деб туради”, деганлар. Имом Муслим ривояти. - Сарварбек ва яна бир мухлисимиз ота оналарини Аллоҳ мағфират этишини сўраганлар. Аллоҳ таоло барчамизнинг гуноҳларимизни мағфират этсин! - Аллоҳ таоло барчамизнинг ғам-ташвишларимизни аритсин! Қалбимизда фақат Дин ва охират ғами бўлишини насиб этсин! - Аллоҳ таоло жигар кўчириб ўтказиш бўйича жарроҳлик амалиётига кетган Авазбек, Ойдинахон, Умидахон, Илёсжон ва кетишга тайёргарлик кўраётган Умидахон, Насибахон, Шуҳратжон ва Дилдмуроджонларнинг, Абдували амакининг набираларига, 5 ёшли бемор фарзандга, Достонбекнинг яқинларига, васвасага учраганларга, Ферузанинг дардига, Гулноза исмли мухлисамизнинг барча яқинлари Нуруллоҳхон дўстимизнинг сингиллари ҳамда бир мухлисимизнинг аёллари дардига комил шифо берсин. Шунингдек, Аллоҳ таоло барча дуо сўраган беморларга комил шифо ато этиб, тортган оғриқларини гуноҳларига каффорот айласин! - 14 ёшида вафот этган Мунисабонуни, бир опамизнинг 22 ёшда вафот этган фарзандларини, Исломбекнинг ота-оналарини, шунингдек, барча вафот этганларни Аллоҳ таоло раҳматига олиб, қабрларини мунаввар айлаб, охиратларини обод қилсин! - Аллоҳ таоло Шерзоджон, Шаҳнозахонниг ҳамда бир мухлисимизнинг 12 нафар танишларининг қарзларига нажот берсин! Шунингдек, Аллоҳ таоло барча қарздорларга нажот бериб, қарзларини тез фурсатда адо этиб олишларини насиб айласин! - Аллоҳ таоло янги иш бошлаётганларнинг юзларини ёруғ айлаб, шариатга мувофиқ, ҳалол касб билан шуғулланишларини насиб этсин! - Аллоҳ таоло барча ҳалол касб қилиб пул топаётган топганларига барака берсин! Ўзи рози бўладиган ўринларга сарф этишларини насиб айласин! - Аллоҳ таоло хайрли мақсадда сафарга чиқаётган барча азизларимизнинг сафарларини бехатар айласин! - Аллоҳ таоло сафарда юрган барча мусофирларнинг сафарларини бехатар айлаб, ибодатда бардавом бўлишларини насиб этсин! - Аллоҳ таоло бир опамизнинг оилалари ислоҳ бўлишини, фарзандлари ота меҳрига зор бўлмаслигини, қайноналари келинларини тушуниб, ёшларнинг бахтли яшашига хайрихоҳ бўлишларини насиб этсин! - Аллоҳ таоло Дилнавоз исмли мухлисамизнинг яқинлари бахтиёр оила қуришларини, Бобомурод солиҳ жуфт билан оила қуришини, моддий имкониятида етишмовчилик сабабли оила қура олмаётганларга саодатли оила қуришларини насиб этсин! - Аллоҳ таоло илм талабида юрганларнинг, жумладан, Маҳмуджоннинг, Миср диёрида илм таҳсил қилаётганлар ўқишларига, ишларига ривож бериб, бахтиёр оила қуришларини насиб этсин! - Аллоҳ таоло барча фарзанд талабида юрганларга, шунингдек, Нигора, Зуҳра исмли мухлисаларимизга солиҳ-солиҳа фарзандлар ато этсин! - Аллоҳ таоло барча фарзанд тарбия қилаётганларни, жумладан, Нуруллоҳхон, Ҳумоюншоҳ ва бир мухлисимиз тарбия қилаётган фарзандлари бахтли-саодатли, Ўзининг йўлида юрадиган бўлишларини насиб этсин! - Аллоҳ таоло турли фирибгарлар тузоғига тушиб қолганларга ёрдам берсин! Бировнинг ҳаққидан қўрқмаётганларга Ўзи инсоф берсин! - Аллоҳ таоло бошига турли мушкулотлар тушганларга, шунингдек, Шукрона опа сингиллари эрига енгиллик ва кушойиш берсин! - Аллоҳ таоло барчамизнинг умримизга, ризқимизга, топадиган ҳалол пулларимизга, фарзандларимизга барака берсин! - Аллоҳ таоло Диний соҳада, юртимиз тинчлиги, осойишталиги йўлида хизмат қилаётганларни ҳамда юртбошимизни Ўз паноҳида асрасин! Шу мазмунда дуо қилган Абдували, Собиржон акаларнинг дуоларини ижобат айласин! - Аллоҳ таоло Қуръонни ёд олаётганларни, жумладан, Анасхоннинг зеҳнини ўткир қилсин! Абдуллоҳ, Жамшид акаларнинг аҳли оилалари ҳам Қуръон ҳофизлари бўлишларини осон қилсин! - Аллоҳ таоло барчамизга қариндошларимиз билан алоқаларимизни мустаҳкамлаб, бир мухлисимизнинг оталари ва акаларининг ўртасидаги совуқлик кетишини, Иброҳимжон ака, Ҳасан ака, Жаҳонгир ака ва Охунжонов зурриёдларидан солиҳ инсонлар чиқишини, яқинларини жаннат аҳлидан бўлишини, ўзларининг ва ота-оналарининг гуноҳлари кечирилишини насиб этсин! - Достонбек, Илҳомжон, Элшодбек, Баҳром ака исмли мухлислар юртимиз тинчлиги, барчанинг ҳаққига умумий дуо қилганлар Аллоҳ таоло қалбимиздаги, тилимизга чиқаролмаган дуоларимизни ҳам билиб, ҳисоб-китобини қилиб турибди. Бизнинг қандай эҳтиёжларимиз борлигидан Ўзи хабардор. У Зот барчамизнинг дуоларимизни ижобат айлаб, сўраганларимиздан ва сўрамоқчи бўлганимиздан афзалини ато этсин! Албатта, Динимизда ҳар бир нарсанинг одоби бўлганидек, дуо ижобат бўлишининг ҳам ўзига яраша шартлари ва одоблари бор. Қуйидаги линк орқали ўша шартлар ва одоблари билан танишасиз. http://muslim.uz/index.php/maqolalar/item/17230 Азизлар, ҳаққимизга ғоибона дуо қилувчилар янада кўпайишлари учун ушбу дуолар, мақолаларни яқинларингиз, танишларингиз, дўстларингизга ҳам улашинг! Зеро, дуога омин деювчилар қанчалик кўп бўлса, дуонинг ижобат бўлиши тезроқ бўлади деб умид қиламиз.