Post image

Она тилим-муқаддас тилим

21.10.2020

Она тилим-муқаддас тилим!

Бир қарасам ҳар шевангда минг жилолар
Ҳар новдангда, ҳар мевангда минг жилолар.
Қодирийлар, Чўлпонлар-у, Абдуллолар,
Сенинг қайтган кунинг мен туғилган йилим,
Она тилим, эй муқаддас Она тилим!
Она тили – миллатнинг руҳидир. Тил — давлат тимсоли, мулки. Тилни асраш, ривожлантириш – миллатнинг юксалиши демак. Ўзбекистон Республикаси Конституциясида давлат тилининг мақоми ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилган.Мустақилликка илк қадамлар ташланаётган даврдаёқ президентимиз томонидан ўзбек тилига давлат мақоми бериш масаласи кун тартибига қўйилиб, бу иш амалга оширилган эди. Она тилимиз – ўзбек тилига 1989 йил 21 октябрда давлат тили мақоми берилди. Турли халқларнинг тилларига хурмат эса ўз навбатида ўзаро тушунишни, мулоқотларга имконият яратади. Тилларни сақланиб қолиши учун эса бу тилларни қўллаб-қувватлаш зарурдир. Айнан тил туфайли инсоният у ёки бу халққа мансублигидан фахрланиб яшайди. Барча тилларни тан олиш ва хурмат қилиш тинчликнинг бирдан бир кафолатидир. Шу сабабли ҳам хар бир халқ ўз тили сақланиб қолиши учун ҳаракат қилиши лозимдир. Қачонки болалар ўз она тилларида ўқишни тўҳтатар экан, ўша тил йўқолиб кетиш арафасига келиб қолади. Тилларни сақлаб қолиш бу ўша халқнинг маданияти, урф-одати, расм-русумларининг сақланиб қолинишини   англатади. Чунки, халқ тақдири тил тақдири билан бевосита боғлиқ. Тил ҳар бир миллат маданиятининг ўзагидир. Шу сабабли ҳам тилнинг сақланиши халқ тараққиёти ва келажагини белгилайди. Тил халқни бирлаштиради, тарбиялайди, ўқитади, урф-одат, аньаналарини сақлайди.
Тарихга назар ташласак, асрлар, даврлар ўтиши билан кўплаб тиллар истеъмолдан чиқиб, “ўлик тил”га айланганини кўрамиз. Лотин, оромий, қадимги юнон, сурёний, кельт, шумер, аккад, хетт тиллари... Улар қатори бир пайтлар юртимиз ҳудудида муомалада бўлган қадимги хоразмий, сўғд, бохтарий (бақтрий) тилларини ҳам келтириш мумкин. Турли босқинлар, ижтимоий-сиёсий жараёнлар, авлодлар, дин ва мафкуралар алмашуви сингари омиллар тилларнинг тақдирида ҳал қилувчи роль ўйнаган.
Бу жараён бугунги кунда ҳам давом этаётир. Ҳар йили ўнлаб тиллар муомаладан чиқиб, “марҳум”лар рўйхатига тиркалмоқда.
Она тилимиз мансуб бўлган туркий тиллар оиласига 30 дан зиёд   тил киради ва уларда Ер юзида 250 миллиондан ортиқ киши сўзлашади. Олимларнинг фикрича, бугун туркий тиллар орасида фақат олтита тилнинг ҳолати барқарор деб баҳоланган. Булар давлат тили мақомига эга бўлган ўзбек, турк, озарбайжон, қозоқ, туркман, қирғиз тилларидир.
Чиндан тилимизнинг халқаро миқёсдаги мавқеи ёмон эмас. Дунё миқёсида ўзбек тилида гаплашувчиларнинг умумий сони 50 миллионга етади. Бу бизнинг тилимиз доимо қадрлигидан нишонадир, она тилимиз фахримиздир!
Сайфуллаев Хуршид Хўжа Жалол жоме масжид имом хатиби.